Бу ҳақда бугун, 26 декабрь куни Тошкент шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга Мурожаатномасида эълон қилинди.
Мурожаатномада рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари мамлакат тараққиётида ҳал қилувчи ўрин тутаётгани таъкидланди.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, Жаҳон банки томонидан эълон қилинадиган Давлатларнинг технологик етуклик индексида Ўзбекистон 71 поғонага юқорилаб, дунёнинг ТОП-10 та мамлакатлари қаторига кирди. Бу эса олиб борилаётган рақамли ислоҳотларнинг халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан далолат беради.
Президент 2030 йилга қадар IT хизматлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш стратегик мақсад этиб белгиланганини маълум қилди. Шу мақсадда келгуси йилдан Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятида 4 та дата-марказ, 2 та суперкомпьютер ва 15 та олий таълим муассасасида сунъий интеллект лабораториялари ташкил этилади.
Ушбу инфратузилма соғлиқни сақлаш, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия ва жамоат хавфсизлиги соҳаларида 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга ошириш имконини беради.
Шунингдек, иқтидорли ёшларнинг квант технологиялари, дронлар, робототехника йўналишидаги ишланмаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Рақамли технологиялар маркази” ташкил этилиши эълон қилинди.
Мурожаатномада финтех ва стартап экотизимини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Марказий банк ҳузурида Финтех офиси ва инновацион хаб ташкил қилиниб, халқаро мутахассислар жалб этилади. Бу орқали ҳар йили 15–20 та финтех стартапни ташқи бозорга олиб чиқиш ва 1 миллиард долларгача инвестиция жалб қилиш режалаштирилган.
Президент, шунингдек, давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш, барча тўловларни нақдсиз шаклга ўтказиш ва “соя” иқтисодиёти улушини қисқартиришда рақамли технологиялар асосий восита бўлишини таъкидлади.
2026 йилдан бошлаб Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланади.
Энди барча давлат идораларининг 1 мингдан зиёд давлат хизматлари, 5 мингдан ортиқ функция ва вазифалари, 240 та маълумот базаси ва ахборот тизими, 100 мингдан зиёд давлат хизматчисининг маҳалла, туман, вилоят, республика даражасидаги ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилинади.
Платформага келиб тушган мурожаатлар, уларни ижрочиларга тақсимлаш ва кўриб чиқиш муддатини назорат қилиш сунъий интеллект орқали амалга оширилади.
“Энг муҳими, давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилисиз, коррупция ва ортиқча бюрократиядан холи экотизим яратамиз. Давлат хизматларини проактив ва жамланма шаклда кўрсатиш тизимини ривожлантирамиз”, – деди давлатимиз раҳбари.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, янги технологиялар, сунъий интеллект ва рақамли ечимлар Янги Ўзбекистон иқтисодий ўсишининг асосий драйверларидан бирига айланади.