O'zbekiston Respublikasi Davlat mustaqilligining 35 yilligi banneri
Абу-Даби давлат бошқарувида сунъий интеллектга тўлиқ ўтмоқда: 3,5 млрд долларик стратегия нимани ўзгартиради?

Абу-Даби давлат бошқарувида сунъий интеллектга тўлиқ ўтмоқда: 3,5 млрд долларик стратегия нимани ўзгартиради?

06 июль 2026

БААнинг Абу-Даби амирлиги давлат бошқарувини сунъий интеллект асосида тубдан қайта шакллантиришни бошлаганига 1,5 йилдан ошди. Амирлик 2027 йилга қадар барча рақамли давлат хизматларида сунъий интеллектни биринчи рақамли иш қуролига айлантирмоқчи — ҳали дунёдаги биронта ҳукумат буни амалга оширмаган.

«Abu Dhabi Government Digital Strategy 2025–2027» стратегиясида белгиланган ушбу мақсадга эришиш учун 13 миллиард дирҳам (қарийб 3,5 миллиард АҚШ доллари) сармоя киритилмоқда. Таққослаш учун: Дубайда 2010 йилда очилган жаҳондаги энг баланд (828 метр) бино — Бурж-Халифа қурилишига 1,5 млрд АҚШ доллари сарфланган.

Давлат бошқаруви тўлиқ рақамли моделга ўтади

Стратегиянинг асосий мақсади давлат органлари фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш ва сунъий интеллектни давлат бошқарувининг барча босқичларига жорий этишдир.

Шу мақсадда давлат идораларидаги барча маъмурий жараёнлар рақамлаштирилади ва автоматлаштирилади. Эътиборли томони, давлат маълумотларини мамлакат назоратидаги рақамли инфратузилмада сақлаш имконини берувчи суверен булутли ҳисоблаш технологияларидан тўлиқ фойдаланиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, давлат ташкилотларининг молиявий, кадрлар ва бошқарув жараёнларини ягона тизимга бирлаштирувчи ERP (Enterprise Resource Planning) платформаси жорий этилмоқда. Бу давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ортиқча бюрократик жараёнларга барҳам бериш ва қарор қабул қилиш тезкорлигини оширишга хизмат қилади.

Давлат хизматларини сунъий интеллект бошқаради

Стратегия доирасида давлат хизматларига 200 дан ортиқ сунъий интеллект ечимлари татбиқ этилади.

Шу билан бирга, AI for All (Барча учун сунъий интеллект) дастури орқали аҳоли ва давлат хизматчиларининг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Ташаббускорларнинг фикрича, рақамли давлат хизматларининг сифати нафақат технологияларга, балки аҳолининг улардан қай даражада фойдалана олишига чамбарчас боғлиқдир.

«Abu Dhabi Government Digital Strategy 2025–2027 — рақамлаштириш борасидаги стратегиямизнинг бутун мазмунини ўзида акс эттирган. Сунъий интеллект давлат бошқарувининг барча бўғинларига узвий интеграция қилиниб, ташаббускор, тезкор ва технологияларга тўлиқ таянган келажак шакллантирилади. Сунъий интеллект, булутли технологиялар ва маълумотларга асосланган таҳлилларни давлат бошқарувининг ажралмас қисмига айлантириш орқали давлат хизматларини кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаймиз, давлат органлари фаолияти самарадорлигини оширамиз ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаймиз», — деди Абу-Даби Ҳукуматини ривожлантириш департаменти (DGE) раиси Аҳмад Ҳишам ал-Куттаб.

Янги стратегия фақат рақамли инфратузилмани ривожлантириш билан чекланмайди.

Ҳужжатда киберхавфсизликни кучайтириш, рақамли стандартлар ва меъёрий асосларни такомиллаштириш ҳамда эҳтимолий кибертаҳдидларни олдиндан аниқлаш бўйича янги ёндашувлар ҳам назарда тутилган.

Бу давлат хизматларининг узлуксиз ишлаши ва фуқаролар маълумотларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган.

Рақамли трансформациянинг ижтимоий ва иқтисодий фойдаси

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, стратегия амалга оширилиши натижасида 5 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилади ва 2027 йилга қадар Абу-Даби иқтисодиёти 24 миллиард дирҳамдан ортиқ қўшимча даромад олади.

Оламшумул лойиҳани амалга оширишда мамлакатнинг етакчи илмий ва технологик ташкилотлари қатнашмоқда. Хусусан, Муҳаммад бин Зоид номидаги сунъий интеллект университети (MBZUAI) сунъий интеллект соҳасида мутахассислар тайёрлайди, Advanced Technology Research Council (ATRC) катта тил моделларини (Large Language Models) ишлаб чиқишга масъул бўлса, G42 сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантиришда иштирок этади.

Бундан ташқари, қатор халқаро технологик ҳамкорлар билан қўшма лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

Абу-Даби тажрибаси нимаси билан муҳим?

Сўнгги йилларда кўплаб мамлакатлар давлат хизматларига сунъий интеллект технологияларини жорий этишга фаол киришиб кетганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Абу-Даби бу жараённи алоҳида хизматлар билан чекламасдан, давлат бошқарувининг бутун архитектурасини сунъий интеллект асосида қайта қуришни мақсад қилгани билан бошқалардан ажралиб турибди.

Агар стратегия белгиланган муддатларда ва тўлиқ амалга оширилса, Абу-Даби тажрибаси нафақат БААнинг бошқа амирликлари, балки давлат бошқарувини сунъий интеллект асосида қайта шакллантиришга интилаётган кўплаб мамлакатлар учун ҳам тайёр қўлланмага айланиши мумкин.

Поделиться:
Единый портал интерактивных государственных услуг
Национальный правовой информационный центр