Ўзбекистон Президентининг “Бизнес юритишни ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштиришга доир навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–214-сонли фармони қабул қилинди.
Фармонни қабул қилишдан асосий мақсад этиб тадбиркорларнинг маъмурий харажатларини 90 млрд сўмгача қисқартириш, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик жараёнларида 15 кунгача вақтини тежаш белгиланди.
2026 йил 1 январдан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилаётганда бир вақтнинг ўзида қуйидаги хизматлар тақдим этилади:
- ЭРИ калитини бериш;
- Банк ҳисобварақларини очиш бўйича ариза қабул қилиш ва уларни фаоллаштириш;
- Айрим фаолият турлари учун лицензия ва рухсатнома олишга ариза юбориш;
- Кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштириш;
- ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини олиш;
- Онлайн НКМни сотиб олиш ва солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш;
- Юридик шахс раҳбарини тайинлаш ва уни “Ягона миллий меҳнат тизими”да ҳисобга қўйиш.
Тадбиркор ушбу хизматлардан ихтиёрий равишда фойдаланади ва барча танланган хизматлар учун ягона QR код орқали тўлов қилиш имконияти яратилади.
ЯТТлар учун янги имкониятлар
2026 йил 1 январдан:
- Якка тартибдаги тадбиркорларга фирма номига эга бўлиш ҳуқуқи берилади.
- Тадбиркорнинг бирламчи маълумотлари ўзгарганда бу ўзгаришлар ЯТТ гувоҳномаси, лицензия ва хабарномаларга автоматик тарзда ва бепул киритилади.
Жавобгарликдаги ўзгаришлар
2026 йил 1 мартдан:
- Лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасида қоидабузарликка йўл қўйган юридик шахсларга жарима қўлланилганда, уларнинг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортиш амалиёти бекор қилинади.
- “Лицензия” ахборот тизимида ҳужжатлар олиш жараёни бўйича ихтиёрий дастлабки баҳолаш хизмати йўлга қўйилади.