Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг “БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида”ги парламент сўровига юборган жавоби муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, Президентнинг “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида мамлакатимизни минтақавий IT-ҳабга айлантириш ва 2030 йилга қадар Электрон ҳукумат индексида илғор 30 мамлакат қаторига киритиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Мазкур мақсадларни амалга ошириш доирасида “Рақамли ҳукумат лойиҳа офиси” ташкил этилган ва соҳадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда.
2024 йилги рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистон 193 давлат орасида 63 ўринни эгаллаб, аввалги ҳисобот даврига нисбатан 6 поғонага, охирги икки рейтинг натижаси бўйича эса 24 поғонага юқорилаган. Энг муҳими, мамлакат илк бор “жуда баланд” (Very High EGDI) гуруҳига киритилди.
“Рақамли ҳукумат” дастури доирасида 300 та устувор лойиҳа белгиланган бўлиб, шу пайтгача улардан 258 таси амалга оширилган, 42 таси эса ҳозирги кунда бажарилмоқда.
Шунингдек, 2023—2024 йилларда Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг имкониятлари кенгайтирилиб, электрон хизматлар сони 751 тага, мобил иловадаги хизматлар сони эса 565 тага етди. Фойдаланувчилар сони 11 миллиондан ошди.
Мажлисда вазирнинг жавоби маълумот учун қабул қилиниб, унда кўтарилган масалалар бўйича кенг маълумотлар тақдим этилгани қайд этилди.