Яқин 5-10 йилликда қишнинг изғирин совуғи-ю, ёзнинг жазирамасига қарамай давлат хизматларини олиш энг кўп оворагарчилик, ортиқча вақт ва пул талаб қиладиган жараёнлардан бири эди...
Айниқса, кўчмас мулк олди-сотдисида нотариусга етиб боргунча ўнлаб ташкилотларга ойлаб қатнашга тўғри келарди...
Аввалига иссиқ сув, совуқ сув, газ, электр энергия каби ташкилотларнинг ҳар бирига алоҳида бориш, ариза ёзиб, қарзларни тўлаш, ҳатто, ҳисоблагичларни ечиб, текширтириш учун кўтариб юриш керак эди... У ердаги навбатлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади...
Орада маҳаллага чиқиб, раиснинг келиши пойланарди. Ундан ҳам маълумотнома олинарди.
Кейин хонадонда рўйхатда турувчилар ҳақида маълумот – Форма-17га ўтиларди. Фақат маълум бир кунлари ишлайдиган тегишли ташкилот зўрға топиб борилганида, яна узоқ навбатларда қолишга тўғри келарди.
Уйга эгалик ҳуқуқини билдирувчи маълумот олиш учун кадастр ташкилоти (БТИ) эшиги ёнида сарғайишлар-чи... У ерда ҳам узундан-узун навбат, асаббузарликлар. Шунда ҳам иш битмаса, таниш-билишчилик бўларди.
Қанийди, шунга яраша нотариусда иш осон битса... Ҳатто таниш ҳам танимаганга олади, ҳужжатлардан арзимаган хато топиб, яна сарсон қилинаверарди.
Қизиғи, бу жараёнга бир ойдан ортиқ вақт кетишига, бир парча қоғоз учун лавозимдагиларга ялинишга ҳамма кўникиб кетганди...
Бу битта давлат хизматини олишдаги оворагарчиликлар эди...
Энди-чи?..
Ҳозир ҳам ўша-ўша дейишимиз нотўғри. Коммунал ташкилотлар, маҳалла, паспорт столи, кадастрга қатнаб, маълумотномалар йиғиб юриш йўқ ҳозир... Барчаси тегишли органларнинг ахборот тизимларидан автомат тортиб олиняпти...
Айнан “Электрон ҳукумат” туфайли бу сарсонгарчиликларга босқичма-босқич барҳам бериляпти. Рақамлаштириш ортидан 2022 йилнинг ўзида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан 73 турдаги маълумотнома ва ҳужжатлар талаби бекор қилиниб, давлат органлари ушбу маълумотларни «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда оладиган бўлишди.
Жумладан, 2022 йил бошидан бери Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)да 70 дан зиёд янги онлайн хизматлар ишга туширилиб, умумий электрон давлат хизматлари сони 370 тадан оширилди.
Хизматлардан онлайн фойдаланиш ортидан аҳолининг 36 млрд.дан ортиқ маблағлари иқтисод қилинишига, яна давлат органлари фаолиятининг тубдан яхшиланишига эришилмоқда.
Биргина ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида йўлга қўйилган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига 16 та вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидан 52 турдаги маълумотлар электрон олинмоқда. Шунингдек, ушбу тизим орқали I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга my.gov.uz хизматларини кўрсатишда давлат божлари учун 50 фоиз чегирма қўлланилиб, 11 турдан ортиқ ҳужжатлар талаби бекор қилинган.
2022 йилнинг 7 ойи давомида my.gov.uz орқали “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киришга 17,5 мингдан ортиқ фуқаро ариза берган. Кам таъминланган деб эътироф этилганлик тўғрисида маълумотнома олиш хизматидан эса 297,3 минг фуқаро фойдаланган.
Шунингдек, 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одам иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақаларни ҳамда парваришлаш нафақасини фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда “проактив шакл”да тайинлаш тизими жорий этилган. Бугунги кунда мазкур тизим орқали 3 мингдан ортиқ нафақалар онлайн тайинланиб келмоқда.
Қисқаси, давлат ташкилотлари сўрайдиган маълумотларни масофадан – my.gov.uz портали орқали олиш имконияти йилдан-йилга ортиб боряпти. Ҳужжат ишларимиз осон, тез ва қулай ҳал бўляпти...
Ана энди ўзингиз айтинг, истасангиз, фикр ва таклифларингизни билдиринг (телеграм бот ва 1242 қисқа рақами орқали).
Шахсан сиз, ҳаётий вазиятлардаги мана шу енгилликларни ҳис қилиб, my.gov.uz имкониятларидан тўлиқ фойдаланяпсизми?..