“Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат муассасасида ходимларни табиий ва техноген ҳолатларда тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш мақсадида фуқаро муҳофазаси бўйича махсус машғулотлар ўтказилди.
Машғулотларда иш жойидан эвакуация ва шикастланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича иштирокчиларнинг назарий ва амалий билимлари оширилди.
Шунингдек, машғулотларнинг якуний босқичи Фуқаро муҳофазаси институти ҳузуридаги “Зилзила симулясияси маркази”да олиб борилди. Бу ерда марказ ходимлари сунъий зилзила шароитида ҳаракат қилиш, хавфсизлик чораларини кўриш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалиётларда иштирок этдилар.
Машғулотлар якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар фуқаро муҳофазаси соҳасидаги тайёргарлик машғулотлари нафақат фавқулодда вазиятлар, балки кундалик ҳаётда ҳам аҳамиятли эканини таъкидлашди.