

Хитой рақамли ҳукуматни ривожлантиришнинг янги босқичига ўтиб, сунъий интеллектни давлат хизматлари ва бошқарув жараёнларига изчил жорий этмоқда.
Мамлакат сўнгги ўн йилликда электрон ҳукумат соҳасида катта инфратузилма яратди. Энди эса мақсад давлат хизматларини шунчаки рақамлаштириш эмас, балки маълумотлар ва сунъий интеллект асосида тезкор, аниқ ва фуқарога йўналтирилган бошқарув моделини шакллантиришдан иборат.
Бу жараён тасодифий қарорлар маҳсули эмас, балки мамлакатнинг узоқ муддатли рақамли тараққиёт сиёсати билан чамбарчас боғлиқ.
Рақамли Хитой ғояси қандай пайдо бўлди?
Хитой рақамли ҳукуматни алоҳида ахборот тизимлари ёки давлат хизматлари порталлари орқали эмас, балки яхлит миллий стратегия асосида қурмоқда.
Мамлакатда бу йўналиш Digital China (Рақамли Хитой) ташаббуси орқали ривожлантирилмоқда. Унинг асосий мақсади давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва жамият ҳаётида рақамли технологияларни тизимли жорий этишдан иборат.
2025 йил май ойида эълон қилинган Digital China Action Plan мазкур сиёсатнинг янги босқичини белгилаб берди. Ҳужжатда саккизта устувор йўналиш белгиланган бўлиб, улар орасида сунъий интеллектни давлат бошқарувига кенг татбиқ этиш, маълумотлар бозорини шакллантириш, ҳисоблаш қувватларини ошириш ва рақамли иқтисодиётни жадал ривожлантириш асосий вазифалар сифатида қайд этилган.
Режада 2025 йил якунига қадар рақамли иқтисодиётнинг асосий тармоқлари мамлакат ялпи ички маҳсулотида 10 фоиздан ортиқ улушга эга бўлиши, миллий ҳисоблаш, яъни компютерлар қувватини 300 EFLOPS (экзафлопс)дан юқори даражага етказиш кўзда тутилганди.
Хитойда рақамли ҳукумат деганда фақат электрон хизматлар эмас, балки маълумотларга асосланган давлат бошқаруви тушунилади. Шунинг учун мамлакатда маълумотларга стратегик ресурс сифатида қаралмоқда. Бунинг учун Миллий маълумотлар бошқармаси (National Data Administration) ташкил этилди ва давлат идоралари ўртасида маълумот алмашишни ривожлантириш устувор вазифага айлантирилди.
Бу ёндашувнинг мантиғи оддий: агар давлат идоралари бир-биридан ажралган ҳолда ишласа, ҳатто энг замонавий сунъий интеллект ҳам кутилган самарани бермайди. AI самарали ишлаши учун, аввало, сифатли маълумотлар, ўзаро интеграция қилинган ахборот тизимлари ва ягона рақамли инфратузилма зарур.
Шу маънода, Хитой рақамли ҳукуматни алоҳида платформалар эмас, балки маълумотлар, инфратузилма ва сунъий интеллект ўзаро боғланган ягона экотизим сифатида ривожлантирмоқда.
2025 йилда Хитой давлат кенгаши ҳузуридаги Ахборот кенгаши (SCIO) мамлакатда сунъий интеллектни давлат бошқаруви ва давлат хизматларида кенг қўллаш янги босқичга чиққанини маълум қилди. Расмий маълумотларга кўра, бир қатор марказий ва маҳаллий давлат идоралари маҳаллий ишлаб чиқилган катта тил моделлари (Large Language Models)ни амалиётга жорий этишни бошлаган. Улар фуқароларга хизмат кўрсатиш, ҳужжат айланиши, мурожаатларни таҳлил қилиш ва давлат қарорларини тайёрлашда қўлланилмоқда (манба: SCIO, 2025 йил).
DeepSeek — давлат идораларидаги янги рақамли ёрдамчи
2025 йил бошида Хитойнинг DeepSeek компанияси томонидан ишлаб чиқилган янги авлод сунъий интеллект модели нафақат бизнес, балки давлат секторида ҳам тез оммалаша бошлади.
Бугунги кунда айрим маҳаллий идоралар ушбу моделдан қуйидаги вазифаларда фойдаланмоқда:
Яъни сунъий интеллект қарор қабул қилувчи эмас, балки қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштирувчи интеллектуал ёрдамчи вазифасини бажармоқда.
Шэнчжэн: рақамли шаҳардан AI шаҳарга
Хитойнинг энг технологик шаҳарларидан бири ҳисобланган Шэнчжэн бугун давлат бошқарувида AI жорий этиш бўйича тажриба майдонига айланган.
Шаҳар маъмурияти 2025 йилдан бошлаб давлат хизматлари платформаларига маҳаллий сунъий интеллект моделларини интеграция қилишни бошлади.
Бугун сунъий интеллект ёрдамида:
Бунинг натижасида оддий саволларга жавоб бериш учун инсон аралашувига эҳтиёж камайиб, мутахассислар мураккаброқ масалаларга кўпроқ вақт ажрата бошлади.
12345 — миллионлаб мурожаатларни таҳлил қилувчи интеллектуал тизим
Хитойда деярли ҳар бир шаҳарда аҳоли мурожаатларини қабул қилувчи 12345 ягона давлат хизмати мавжуд.
Илгари бу марказларга келган мурожаатлар операторлар томонидан қўлда сараланарди. Бугун эса кўплаб ҳудудларда сунъий интеллект ушбу жараённинг ажралмас қисмига айланган.
AI мурожаат матнини таҳлил қилиб: унинг мазмунини аниқлайди, тегишли давлат идорасини белгилайди, долзарблик даражасини баҳолайди, ўхшаш мурожаатларни бирлаштиради, такрорланаётган муаммоларни автоматик аниқлайди.
Бу эса давлат идораларига фақат алоҳида шикоятларни эмас, балки аҳолини кўпроқ қийнаётган тизимли муаммоларни ҳам тезроқ кўриш имконини бермоқда.
Сунъий интеллект фақат хизмат кўрсатиш учун эмас
Сунъий интеллект фақат фуқаролар учун эмас, давлат аппаратининг ички самарадорлигини ошириш учун ҳам хизмат қилмоқда.
Бугун Хитойдаги давлат идораларида AI дан йиғилиш баёнларини тайёрлаш, ҳисоботларни умумлаштириш, катта ҳажмдаги ҳужжатларни таҳлил қилиш, ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасидаги тафовутларни аниқлаш, бошқарув қарорлари учун таҳлилий маълумотларни тайёрлаш каби мақсадларда фойдаланилмоқда.
Сунъий интеллект барча муаммоларга ечимми?
Хитойнинг рақамли ҳукумат моделини, албатта, мутлақо идеал тизим сифатида баҳолаш нотўғри. Ҳатто Хитой раҳбариятининг ўзи ҳам сунъий интеллектдан давлат бошқарувида фойдаланиш билан боғлиқ қатор хавф ва чекловларни тан олмоқда.
Энг аввало, сунъий интеллект мустақил қарор қабул қилмайди. У маълумотларни таҳлил қилади, вариантларни таклиф этади ва давлат хизматчиларига тавсия беради. Якуний қарор эса барибир инсон томонидан қабул қилинади.
Бу тамойил бежиз эмас. Чунки ҳатто энг илғор AI моделлари ҳам хатоликка йўл қўйиши, маълумотни нотўғри талқин қилиши ёки ишончсиз жавоб қайтариши мумкин. Шу боис Хитойда ҳам давлат бошқарувида «Human in the Loop» — яъни инсон назоратини сақлаб қолиш тамойили муҳим ўрин тутади.
Сунъий интеллект қанчалик кучли бўлмасин, унинг самараси биринчи навбатда маълумотлар сифатига боғлиқ.
Агар давлат идоралари турли форматларда ишласа, маълумотлар бир-бирига мос келмаса ёки эски бўлса, AI ҳам тўғри натижа бермайди.
Шунинг учун Хитой сўнгги йилларда фақат AI моделларини эмас, балки давлат маълумотларини бошқариш тизимини ҳам ислоҳ қилмоқда. Миллий маълумотлар бошқармасининг ташкил этилиши ҳам айнан шу эҳтиёждан келиб чиққан.
Бу тажрибадан чиқариладиган муҳим хулоса шуки, рақамли давлатнинг асосий бойлиги алгоритмлар эмас, балки сифатли ва ишончли маълумотлардир.
Махфийлик ва киберхавфсизлик
Давлат бошқарувида сунъий интеллектдан фойдаланиш билан бирга маълумотларни ҳимоя қилиш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этади.
Сунъий интеллект тизимлари катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишлайди. Бу эса шахсий маълумотларнинг махфийлиги, улардан фойдаланиш тартиби ва киберхавфсизликка оид талабларни янада кучайтиради.
Шу сабабли Хитойда сунъий интеллектни ривожлантириш баробарида маълумотлар хавфсизлиги, алгоритмларни тартибга солиш ва генератив AI хизматларига оид меъёрий ҳужжатлар ҳам қабул қилинмоқда.
Халқаро эътироф
БМТнинг 2024 йилда эълон қилинган Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси (EGDI)да Хитой жаҳонда 37-ўринни, Осиёда 10-ўринни банд этди.
Қайд этилишича, Хитойда EGDI кўрсаткичларининг сезиларли даражада ўсиши стратегик сиёсат, рақамли инфратузилмага киритилган йирик инвестициялар ҳамда инновацион ташаббуслар билан изоҳланади. Хусусан, Internet Plus каби давлат дастурлари интернет технологияларини анъанавий тармоқларга изчил интеграция қилиш орқали хизматлар кўрсатиш тизими ва давлат бошқарувини сифат жиҳатидан яхшилашга хизмат қилмоқда. Юқори тезликдаги кенг полосали уланиш, 5G тармоқлари ва булутли ҳисоблаш (булутли технологиялар) соҳаларига йўналтирилган сармоялар эса узлуксиз алоқани таъминламоқда. Мамлакатнинг рақамли тараққиётга бўлган қатъий интилиши «Виртуал борлиқ ва саноат иловаларини интеграция қилиш ҳамда ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси» (2022–2026 йй.) ҳамда «Чегаралараро электрон тижоратнинг юқори сифатли ривожланишини рағбатлантириш бўйича услубий тавсиялар» (2023 й.) каби ҳужжатларда ўз аксини топган. Шу билан бирга, «Киберхавфсизликни текшириш чора-тадбирлари» ҳамда «Кибермаконда умумий келажакка эга ҳамжамиятни биргаликда барпо этамиз» номли Оқ китоб давлатда киберхавфсизликни таъминлаш ва рақамли маконда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш устувор вазифа эканлигини яққол кўрсатиб турибди.
Хитой янги ишлаб чиқариш кучларини рағбатлантириш ҳамда иқтисодий ўсиш суръатларини барқарорлаштириш мақсадида саноат тармоқларини рақамли трансформация қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Сунъий интеллект, катта маълумотлар (Big Data) ва блокчейн технологияларининг жадал татбиқ этилиши давлат хизматларининг самарадорлиги, шаффофлиги ҳамда тезкорлигини сезиларли даражада оширди.
Alibaba, Tencent ва Huawei каби йирик технологик компаниялар билан йўлга қўйилган давлат-хусусий шериклик муносабатлари давлат бошқарувида рақамли ечимларни ишлаб чиқиш ва жорий этишда ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Инклюзив сиёсат эса рақамли тенгсизликни бартараф этиш ҳамда кам таъминланган ва қишлоқ аҳолисининг рақамли имкониятлардан баҳраманд бўлишини таъминлашга қаратилган. Шу билан бирга, қўллаб-қувватловчи норматив-ҳуқуқий база маълумотлар хавфсизлиги ва махфийлигини кафолатлаган ҳолда, инновацияларни рағбатлантиришга ва рақамли хизматларга нисбатан жамият ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Мазкур комплекс ёндашувлар якунда Хитойнинг рақамли трансформация йўналишида юксак натижаларга эришишини таъминламоқда.
Хитой тажрибасидан чиқариладиган хулосалар
Албатта, ҳар бир мамлакат ҳуқуқий тизими, давлат бошқаруви, аҳолиси сони, иқтисодий имкониятлари ва ҳоказо жиҳатлари билан бошқалардан тафовут қилади. Шу боис бир мамлакат тажрибасини шундоққина кўчириб жорий этиш мумкин ва мақбул эмас. Бироқ айни ҳолат бу каби тажрибалардан ҳаётий хулосалар чиқаришга тўсиқ бўла олмайди.
Хитой тажрибаси бир ҳақиқатни аниқ кўрсатмоқда: рақамли ҳукумат қуришни сунъий интеллектдан бошлаб бўлмайди. Аввало ишончли рақамли инфратузилма, давлат идоралари ўртасида узлуксиз маълумот алмашинуви, пухта ҳуқуқий асос ва рақамли хизматлар экотизими яратилади. Сунъий интеллект эса кейин — ана шу мустаҳкам тизимни кучайтириш учун жорий этилади.
Шу билан бирга, ҳар қандай технологик ечимнинг муваффақияти унинг замонавийлиги билан эмас, инсон ҳаётига олиб кирган ижобий ўзгаришлар билан баҳоланади. Агар рақамли технологиялар фуқаронинг вақтини тежаса, давлат хизматларини соддалаштирса ва қарор қабул қилишда адолат ҳамда шаффофликни кучайтирса, демак, улар ўз вазифасини бажарган бўлади. Акс ҳолда, энг илғор сунъий интеллект ҳам кутилган натижани бермайди.