O'zbekiston Respublikasi Davlat mustaqilligining 35 yilligi banneri
Индонезия рақамли трансформация орқали 84 миллиард долларни тежамоқчи

Индонезия рақамли трансформация орқали 84 миллиард долларни тежамоқчи

16 июль 2026

Индонезия ҳукумати давлат технологиялари (GovTech) соҳасидаги кенг кўламли трансформация дастури орқали 84 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағни тежашни мақсад қилган.

Бу ҳақда мамлакат Рақамли трансформацияни жадаллаштириш қўмитаси раиси Луҳут Бинсар Панжаитан маълум қилди.

Унинг айтишича, кутилаётган иқтисодий самара давлат хизматларини ўзаро интеграция қилиш, ижтимоий ёрдамни янада аниқ ва манзилли тақсимлаш ҳамда давлат бошқаруви жараёнларини соддалаштириш ҳисобига таъминланади.

Рақамли трансформация — Индонезия президенти Прабово Субиантонинг устувор дастурларидан бири. У сунъий интеллект имкониятларига таянувчи рақамли ҳукуматни барпо этишга киришган.

Айни пайтда саккизта вазирлик ва давлат идорасининг маълумотлари ягона тизимга интеграция қилинган бўлиб, улар сунъий интеллект ёрдамида қайта ишланмоқда. Шу билан бирга, Миллий киберхавфсизлик ва криптография агентлиги (BSSN) кўмагида киберхавфсизлик чоралари ҳам изчил кучайтирилмоқда.

Дастлаб Банйуванги ҳудудида синовдан ўтган лойиҳа эндиликда 43 та туман ва шаҳарда амалга оширилмоқда. Айрим ҳудудларда, хусусан Сурабайя шаҳрида, дастур кутилганидан тезроқ ривожланмоқда. Шу боис, уни бутун мамлакат бўйлаб жорий этишдан аввал юзлаб туман ва шаҳарларга кенгайтириш режалаштирилган.

«Биз қиммат дастурий таъминотни сотиб олмаяпмиз ёки хориждан импорт қилмаяпмиз. Аксинча, вазирликлар ва давлат идораларида ҳозир қўлланилаётган 27 мингга яқин ахборот тизимини ўзаро интеграция қиляпмиз», — деди Луҳут Бинсар Панжаитан.

Мазкур ташаббус ижтимоий ёрдамни янада манзилли етказиш ва коррупцияга қарши кураш самарадорлигини ошириш билан бирга, Индонезиянинг солиқ тушумлари улушини ҳозирги тахминан 9 фоиздан 11–13 фоизгача босқичма-босқич оширишга хизмат қилади. Бу эса мамлакатни мазкур кўрсаткич бўйича ASEAN (Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси) давлатлари даражасига яқинлаштириши кутилмоқда.

Поделиться:
Единый портал интерактивных государственных услуг
Национальный правовой информационный центр