

Қозоғистон глобал рақамлаштириш жараёнида Марказий Осиёда етакчиликни ушлаб туриб, дунёнинг энг ривожланган давлатлари билан муваффақиятли рақобатлашмоқда.
Ranking.kz таҳлилий порталида эълон қилинган мақолада мамлакатнинг БМТ Электрон ҳукумат рейтингидаги кескин ўсиши ва соҳадаги ислоҳотлар ҳақида сўз боради.
Рақамли трансформация Қозоғистон тараққиётини ҳаракатлантирувчи асосий кучга айланиб, давлат бошқаруви, бизнес, таълим, молия ва кундалик хизматлар каби деярли барча соҳаларни қамраб олмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатда рақамли инфратузилма изчил юксалиб, онлайн хизматлар кўлами кенгайди ва давлат идоралари ишига замонавий технологиялар сингдирилди. Бу ўзгаришларнинг энг кўзга кўринган самараси электрон ҳукумат тизими бўлди. Натижада давлат хизматлари босқичма-босқич рақамли шаклга ўтиб, фуқаролар учун янада қулай, тезкор ва осон фойдаланиладиган тус олмоқда.
Бу борада Digital Qazaqstan умуммиллий стратегияси муҳим ўрин тутади, жумладан, унда сунъий интеллектни мамлакат рақамли экотизимига фаол жорий этишга устуворлик берилмоқда.
Жаҳон рейтингидаги сакраш: Нишонда — Топ-15
Қозоғистон электрон ҳукуматни жорий этиш, жумладан, рақамлаштириш соҳасида дунё етакчилари сафидан жой олди. БМТнинг 2024 йилги Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида (Global E-Government Development Index) мамлакат 0,9 кўрсаткич билан 24-ўринни банд этди. Эътиборли жиҳати, қўшнимиз кўплаб ривожланган давлатлар, хусусан, Европа мамлакатларини ҳам ортда қолдирди. Иқтисодий кўрсаткичлари юқори бўлган Швейцария, Туркия, Латвия, Франция, Хорватия, Хитой, Канада, Италия ва Бельгия каби давлатларда электрон ҳукумат даражаси Қозоғистондагига қараганда пастроқ бўлиб чиқди.
Мамлакатнинг жаҳон майдонидаги мавқеи йил сайин юксалиб бораётгани чиндан ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. 2008 йилда Қозоғистон рейтингда 81-ўринни эгаллаган бўлса, 2010 йилда — 46, 2018 йилда — 39, 2022 йилда — 28 ва ниҳоят, 2024 йилда 24-поғонага кўтарилди. Йиллар давомида вазият фақат ижобий томонга ўзгариб бормоқда. Бугунги ҳолатдан келиб чиқиб, яқин йилларда Қозоғистон Республикаси электрон ҳукумат ривожланиши бўйича дунёнинг энг илғор 15 та давлати қаторига кириш учун жиддий салоҳиятга эга, деб ишонч билан айтиш мумкин.
Барча рақамли маҳсулотлар ягона QazTech муҳитида
Қозоғистонда рақамли маҳсулотларни ишлаб чиқиш бўйича ягона QazTech муҳитига ўтилган. 2026 йил 1 апрелда ишга тушган ушбу платформа янги сервисларни яратиш ва ишга тушириш муддатини бир неча йилдан бир неча ҳафтагача қисқартиради, деди мамлакат Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев.
Мамлакат ҳукумати амалдаги тизимларни QazTech платформасига кўчириш бўйича икки йиллик режани тасдиқлаган. Жорий йилда улардан 39 тасини кўчириш режалаштирилган бўлиб, шундан 36 тасида ишлар якунланиш босқичида. Яна 25 таси режадан ташқари равишда миграция ва ишлаб чиқиш босқичида, 10 таси эса платформада тўлиқ ишламоқда. Яъни ишлар режада белгиланган муддатлардан олдин бормоқда ва бугунги кунда барча давлат органлари QazTech билан ишламоқда.
Эътиборли жиҳати, мамлакат президентининг фармони билан Қозоғистонда QazTech платформасидан ташқари давлат ахборот тизимларини яратишга мораторий жорий этилган.
Рақамли трансформациянинг муҳим натижаларидан бири электрон ҳукумат инфратузилмасининг ишончлилиги ва самарадорлиги ошганидир. 2026 йилда электрон ҳукумат шлюзи — ахборот тизимлари ўртасида маълумот алмашишнинг асосий канали модернизация қилинди.
Янгиланишдан сўнг унинг максимал ўтказувчанлик қобилияти 2,5 баробарга — сониясига 800 тадан 2 мингта сўровгача ошди. Шу билан бирга, тизимнинг барқарорлиги ҳам сезиларли даражада яхшиланди. Агар 2023–2025 йилларда жами 59 соат давом этган 51 та узилиш қайд этилган бўлса, 2026 йилда янги шлюзда бирорта ҳам носозлик ёки иш фаолиятида узилиш кузатилмади.
Модернизация натижасида рақамли инфратузилманинг унумдорлиги ошиб, барқарор ва узлуксиз ишлаши таъминланади. Электрон давлат хизматлари ҳажми ва тизимлараро маълумот алмашинуви мунтазам ортиб бораётган бир шароитда бу жуда муҳим.
eGov 3.0 порталининг янги талқини ишга туширилди
QazTech ягона платформасида яратилган ва модернизация қилинган eGov 3.0 порталининг ишга туширилиши муҳим воқеалардан бўлди. Бу янгиланиш натижасида давлат хизматларини кўрсатиш жараёни янада яхшиланди: ортиқча талаблардан воз кечилди, инфратузилмага юклама камайди.
Бунгача eGov портали технологик имкониятларининг чегарасида ишларди. Янги порталда хизматлар фойдаланувчилар учун максимал даражада соддалаштирилган: ортиқча талаб ва босқичлар чиқариб ташланяпти. Талаб энг катта айрим хизматлар бутунлай янги форматда тақдим этиляпти.
Қозоқча сунъий интеллект
Рақамлаштиришнинг яна бир муҳим йўналиши — сунъий интеллект асосидаги ечимлар. 2026 йил апрелида ишга туширилган eGov GPT тизими бунга яққол мисолдир. Табиий тилдаги сўровларга жавоб беришга ўргатилган бу интеллектуал ёрдамчи фуқароларга давлат хизматлари бўйича йўл-йўриқ кўрсатади.
Ҳозирда eGov GPT орқали 50 та давлат хизмати тақдим этилмоқда, фуқаролар ушбу ёрдамчидан 150 минг мартадан зиёд фойдаланган. Унга маҳаллий alem LLM тил модели асос бўлган, ҳисоблаш жараёнлари эса alem.cloud суперкомпьютерида бажарилмоқда.
Келгусида eGov GPTни миллий Aitu экотизимига бирлаштириш кўзда тутилган. Шу йилнинг охиригача тизим қамровини умумий трафикнинг 70 фоизига етказиш мақсад қилинган.
Қозоғистонда сунъий интеллект хизматларини ривожлантиришда ягона тизимни йўлга қўйишга интилинмоқда. Яъни алоҳида идораларнинг eGov GPT билан боғланмаган ўз сунъий интеллект агентларини яратиши ва жорий этишидан воз кечиш тавсия этилмоқда. Бундай ёндашув тарқоқ ва бир-бирига мос келмайдиган дастурлар пайдо бўлишининг олдини олади ҳамда давлат хизматларини ягона ақлли муҳитда жамлашга хизмат қилади.
Тадбиркорлик ва ижтимоий соҳа: Қоғозбозликка йўл қўйилмайди
Қозоғистонда давлат хизматларини рақамлаштириш — бу шунчаки маълумотнома ва аризаларни онлайн шаклга ўтказиш дегани эмас. Рақамли ечимлар давлатнинг фуқаролар ҳамда тадбиркорлар билан муносабатларидаги деярли барча асосий соҳаларни қамраб олди. Тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш, рухсатномалар олиш, ижтимоий тўловлар, таълим, соғлиқни сақлаш ва кундалик ҳаёт учун зарур бўлган бошқа хизматлар шулар жумласидандир.
Қозоғистонда тадбиркорлар учун рақамлаштириш — бу аввало маъмурий югур-югурлар ва давлат идоралари билан боғлиқ ишларда вақтни тежаш демакдир. Эндиликда бизнес вакиллари ўз фаолиятини масофадан рўйхатдан ўтказиши, солиқ ҳамда статистика ҳисоботларини топшириши, лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириши, шунингдек, давлат кўмагидан баҳраманд бўлиши мумкин. Идоралараро маълумот алмашинуви йўлга қўйилгани боис давлат тизимлари зарур маълумотларни мустақил ола билади. Бу эса тадбиркордан айрим ҳужжатларни қайта-қайта талаб қилишдек ортиқча вазифага чек қўяди.
Ижтимоий соҳани рақамлаштириш — алоҳида мавзу. Ижтимоий тўловлар, нафақалар, пенсия таъминоти ҳамда муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлашга оид хизматлар тобора электрон шаклга ўтказилмоқда. Бу давлат идораларига ортиқча бориб-келишлардан халос этибгина қолмай, хизматларни олдиндан (проактив) кўрсатиш тизимига изчил ўтишга йўл очмоқда. Эндиликда тизим фуқаронинг муайян ёрдамни олиш ҳуқуқини мустақил аниқлайди ва ундан фойдаланишни таклиф этади.
Рақамлаштириш жараёнлари фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги масалаларни ҳам қамраб олмоқда. Транспорт, мол-мулкни рўйхатдан ўтказиш, ер муносабатлари, ҳужжатларни расмийлаштириш, хавфсизлик, соғлиқни сақлаш, таълим ва коммунал соҳага оид хизматлар электрон шаклга ўтказилди. Натижада давлат хизматлари аста-секин ягона виртуал макон атрофида бирлашмоқда.
Шу тариқа, рақамлаштириш давлат, фуқаро ва тадбиркор ўртасидаги муносабатлар тизимини аста-секин янги босқичга олиб чиқмоқда. Илгари асосий эътибор давлат хизматларини онлайн йўлга қўйишга қаратилган бўлса, бугун уларни бирлаштириш, автоматлаштириш ва фойдаланувчи эҳтиёжларига мослаш устувор вазифага айланди. Келгусида бу ўзгаришлар қоғозбозликни камайтириш, хизматларни янада тезлаштириш ва тарқоқ электрон хизматлардан ягона рақамли экотизимга ўтишга хизмат қилади.