“Қулай ҳаёт”. 1-синфга онлайн қабул платформаси ва бошқалар ҳақида

“Қулай ҳаёт”. 1-синфга онлайн қабул платформаси ва бошқалар ҳақида

14 апрель 2022

1-синфга онлайн қабул, рақамли кутубхона, ижтимоий ҳимоя реестри билан боғлиқ долзарб лойиҳа, боқувчисини йўқотган етим болалар манфаатига хизмат қилувчи шаффоф тизим, 15 та фан асосида ишлаб чиқилган – ўйин ўйнаш орқали билим олишга мўлжалланган платформалар ҳақида батафсил билишни истайсизми?

Унда “Қулай ҳаёт” лойиҳасининг ушбу сонини ўтказиб юборманг!

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Инновация, технология ва стратегия маркази бош директори Абдували Ҳайдаров билан эксклюзив суҳбат.

– Ассалому алайкум, Абдували Абдунабиевич. Бугун халқ таълими тизимининг рақамлаштирилиши туфайли нафақат ўқувчилар ва ота-оналар, балки ўқитувчилар учун ҳам янги имкониятлар тақдим этилмоқда. Бу жараёнда сиз раҳбарлик қилаётган марказнинг ҳам ҳиссаси катта деб ўйлаймиз. Шундай экан, келинг, суҳбатни марказ фаолияти билан танишишдан бошласак.

– Марказимиз Халқ таълими вазирлиги ҳузурида ташкил этилган бўлиб, фаолиятини 2018 йил 28 ноябрдан бошлаган. Ҳозирги кунда вазирлик кўрсатмалари асосида 30 дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириб келяпти.

– Олдинга қўйилган мақсадлар ва қисқа давр ичида эришилган натижаларга ҳам тўхталсангиз?

– Мақсадимиз халқ таълими тизимида катта рақамлаштириш ишларини олиб бориш орқали аҳолига қулайликлар яратиш, уларнинг сарсонгарчилигини камайтириш, шунингдек, дунё стандартларига асосланган онлайн таълим платформаларини яратиш, болаларга билимни ўйинлар орқали етказиш каби қўшимча ресурсларни ишлаб чиқишга йўналтирилган.

Масалан, катта лойиҳаларимиздан бири my.maktab.uz ҳозирги кунда Тошкент шаҳри ва бир қатор вилоят марказларида ишга туширилган бўлиб, у орқали 1-синфга онлайн қабул амалга оширилади. Лойиҳага 800 дан ортиқ мактаб қамраб олиниб, 100 мингдан зиёд ўқувчи квоталари шаклланган. Бундан ташқари, maktab.uz, artshop.itsm.uz, рақамли кутубхона, электрон шаҳодатнома, kitob.uz, smartland, Янги Ўзбекистон устозлари, ижтимоий ҳимоя реестрига уланган sp.maktab.uz, боқувчисини йўқотган етим болалар учун мўлжалланган лойиҳаларимиз ҳам бор.

– Шу ўринда электрон кутубхона лойиҳасининг мазмун-моҳияти билан таништириб кетсангиз.

– Таълим масканларида босқичма-босқич жорий этилаётган ушбу лойиҳа мактабларда мавжуд кутубхоналар тизимига киритилмоқда. Бунда ўқувчининг кутубхонадан олган китоби QR-код орқали тизимга бириктириб қўйилади ва биллинг тизими ишга тушади. Агар бола белгиланган муддатда китобни топширмаса ёки муддатни чўздириб кетмаса, биллинг тизими бу ҳақда хабар беради. Тизим туфайли кутубхоначи ким, қачон, қайси китобни олиб кетганидан хабардор бўлиб туради. Ўз-ўзидан ўқувчиларнинг тартибли ҳаракати йўлга қўйилади. Лойиҳанинг яна бир фойдали жиҳати, кутубхоналарда мавжуд китоблар базасининг шаклланишидир. Агар тизимни мактаблараро улашга муваффақ бўлсак, қайси мактабда қандай китоблар кўплиги ёки аксинча камлигини билиб оламиз ва шу тариқа уларнинг тенг тақсимланишига эришишимиз мумкин.

– Бизни maktab.uz онлайн платформаси ҳам қизиқтириб қўйди. Айтинг-чи, у аҳолига, ўқитувчиларга қандай қулайликлар яратади?

– Биласиз, пандемия даврида болаларимиз уйдан туриб, онлайн ўқишди. Дарслар телевидение орқали узатилди. Ўшанда айрим сабабларга кўра дарсларни кузата олмаган ўқувчилар учун maktab.uz платформасига эфирга узатилган ҳар битта дарс видеоси жойлаб борилди. Натижада қолдирилган дарсларни хоҳлаган вақтида ва жойида кузатиш мумкин бўлди. Эндиликда тизимни янги имкониятлар билан бойитишни режалаштирганмиз. Яъни ҳар битта дарс учун тест юклаб борилиб, ўқувчи уларни ечиш орқали ўзининг ўзлаштириш даражасини таҳлил қилиб боради.

– Ижтимоий ҳимоя реестри билан боғлиқ лойиҳа ҳам долзарб, назаримда. Унга ҳам қисқача изоҳ бериб кетсангиз.

– Ушбу лойиҳа орқали республикамиздаги кам таъминланган оилалар фарзандлари дарсликлар, мактаб формаларини бепул олиш, Баркамол авлод мактабларида йўлга қўйилган тўгаракларга имтиёзлар асосида қатнашиш, шунингдек, фарзанди ихтисослашган мактабларда ўқийдиган ота-оналар бадал пулидан озод этилиш имкониятига эга бўладилар. Бунинг учун ота-оналар мактабга сарсон бўлиб бориб юришмайди. Боланинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги мактабдаги масъул ходимлар томонидан тизим базаси орқали кўрилади ва шу асосида иш юритилади.

– Юқорида боқувчисини йўқотган, яъни етим болалар манфаатига хизмат қилувчи лойиҳа ҳақида сўз юритдингиз. Бу қандай лойиҳа?

– Ушбу тизим иккига бўлиниб, бири меҳрибонлик уйлари томонидан киритиб бориладиган маълумотлар бўлса, иккинчиси бола асраб олиш билан боғлиқ. Биринчи қисмида боланинг уй-жойга муҳтожлиги шаффофликка асосланган ҳолда таъминланади.

Иккинчи қисми ҳақида гапирадиган бўлсам, билсангиз, олдинлари бола асраб олиш учун 7-8 та ташкилотга қатнаш, ҳужжатларни норасмий тўғрилаш ҳолатлари кўп учрарди. Натижада айрим болалар азият чекиб қолишарди. Янги тизимнинг бир қатор вазирлик ва идораларга уланиши ҳисобига энди маълумотлар шаффоф ўрганилиб, мурожаатчи тегишли талабларга жавоб берса, уйдан туриб бола асраб олиш имкониятига эга бўлади.

– Сизнингча, марказ томонидан амалиётга татбиқ этилган қайси лойиҳа одамлар орасида оммалашишга улгурди?

– Kitob.uz электрон кутубхона лойиҳамиз бор. Унга 4000 га яқин электрон ва аудио китоблар қамраб олинган. Ундан нафақат республикамиздаги, балки хорижда ўқиётган, яшаётган болалар ҳам фойдаланишлари мумкин. Яъни ўзбек тилидаги адабиётларни, ресурсларни ўқиб-ўрганиш имкониятига эга.

– Бугунги кунда my.gov.uz тизимига интеграция қилиниши режалаштирилаётган лойиҳаларингиз ҳам борми?

– Албатта, бор. Масалан, ота-оналар my.maktab.uz дан my.gov.uz орқали ҳам фойдаланиш имкониятига эга бўлишади. Бундан ташқари, электрон шаҳодатнома лойиҳасини интеграция қилиш кўзда тутилган. Айни пайтда иш жараёни кетяпти. Бу қулайлик амалиётга жорий этилса, ўқувчилар ўз шаҳодатномаларини база орқали юклаб олиш имкониятига эга бўлишади. Шунингдек, олий таълимга интеграция қилиниши ҳисобига ўқишга топшириш жараёнида абитуриентлардан шаҳодатнома сўралмаслигига эришилади.

– Ҳозирги кунда болаларнинг гаджетларга қизиқиши кучли. Инновацион таълимда бу жиҳат ҳам эътиборга олиняптими?

– Ҳақиқатан, бугун болаларни телефон ва гажетлардан ажратиш қийин. Шуни инобатга олиб, ўйин кўринишидаги smartland платформасини йўлга қўйганмиз. Яъни болалар ҳам ўйин ўйнашади, ҳам билим эгаллаб боришади.

Платформани интернет дўконларига чиқарганимизга ҳали кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамай, қисқа фурсатда 20 мингга яқин ўқувчи томонидан юклаб олинди. Ундаги ўйинларни умумий 15 та фан доирасида ишлаб чиққанмиз. Ҳозирча 136 та ўйин, 2008 та машқ юклаганмиз... 

Суҳбатни тўлиқ шаклда видеода кўришингиз мумкин.

Лойиҳа муаллифи: Шоҳида Исроилова

Бошловчи: Ғолибназар Қурбонов

Видеомуҳандис: Саъдулла Обиджонов

Оператор: Акмал Қудратов

Поделиться:
Единый портал интерактивных государственных услуг
Национальный правовой информационный центр