

2026 йил 25 август куни Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказида Корея Республикасининг Korea Institute of Public Administration (KIPA) ҳамда GSI Consulting вакилларидан иборат ODA дастурларини баҳолаш гуруҳи билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир Корея Республикаси Бош вазир котибияти топшириғига кўра амалга оширилаётган “Evaluation of Multi-Regional ODA Programs” тадқиқоти доирасида ташкил этилди.
Мулоқот давомида Корея-Ўзбекистон Рақамли ҳукумат ҳамкорлик маркази (DGCC) лойиҳасининг ташкил этилиши, фаолияти ва амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Шунингдек, лойиҳа доирасида кўрсатилган кўмакларнинг Ўзбекистон рақамли ҳукумати эҳтиёжларига мувофиқлиги ҳамда IT инфратузилмасининг ўзига хос шароитларга мослаштирилиши муҳокама қилинди.
Келгусида DGCC фаолиятини кенгайтириш, унинг функцияларини ривожлантириш ҳамда ушбу муваффақиятли моделни бошқа ҳудуд ва мамлакатларда қўллаш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида лойиҳа ҳужжатлари, йиллик баҳолаш ҳисоботлари, топшириш режаси ва маслаҳат материалларини ўрганиш масалалари келишиб олинди.
Мазкур тадбир Корея Республикасининг ODA дастурлари доирасидаги рақамли ҳукумат лойиҳалари натижадорлигини баҳолаш ва келгуси ҳамкорлик йўналишларини белгилашда муҳим қадам бўлди.