Швеция иқтисодиётининг ахборот технологиялари кириб бормаган соҳаси йўқ. Ижтимоий тармоқлардан тортиб булутли технологияларгача — истеъмолчи билан мулоқотнинг энг тез ва самарали воситаларига айланган. Мамлакатдаги ҳар учинчи кичик ва ўрта бизнес корхонаси электрон савдо билан шуғулланади.
(Давоми. Бошланиши бу ерда)
Гарчи рақамли Швециянинг «энг заиф» нуқталаридан бири давлат хизматларини ахборотлаштириш бўлса-да, мамлакатнинг бу борада Европа Иттифоқида 8-ўринга кўтарилишига халақит бермади. 2015 йилда Швецияда «Фақат рақамлар!» шиори остида давлат хизматларини ахборотлаштиришга қаратилган тўрт йиллик дастур ишга туширилди. Оддий ифодалаганда, «аҳоли — ҳукумат» мулоқотида фақат рақамли каналлардан фойдаланилади. Мамлакатнинг аҳолиси деярли тўлиқ (99 фоизга яқин) электрон идентификация карталарига эга.
Ҳақиқий олтин бу — одамлар
Швеция табиий ресурсларга бой (темир, уран, рух, олтин, кумуш, волфрам, гидроэнергия, ўрмон, балиқ) бўлишига қарамай, ўтган аср ўрталарига қадар камбағал аграр эмигрантлар (ҳар бешинчи швед АҚШ ёки Австралияда яшарди) мамлакати эди. Таҳлилчилар Швециянинг бугунги тараққиётига тўрт омилни сабаб деб билишади: институтлар, инновациялар, талаб ва таклиф (булар қаторига мамлакатни оқилона бошқараётган ҳукмрон элитани ҳам бемалол қўшиш мумкин).
Ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб ахборот-коммуникация технологиялари сектори швед мўъжизасини яратувчилардан бирига айланди. Асосий эътибор «миллатнинг олтин ресурси — одамларни, истеъдодларни» ўзлаштиришга қаратилди.
Швеция — телефон алоқаси ватани, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида «тарихий» ва алмашмас етакчи сингари эътирофларга лойиқ саноқли мамлакатлардан бири. Рақамли Швециянинг бугунги муваффақиятига ўтган асрнинг 80-йилларидаёқ тамал тоши қўйилган. Ўшанда бўлғуси трансмиллий гигант, инфратузилма АКТ-қурилмалари ишлаб чиқарувчиси — Ericsson компанияси мамлакатни ёппасига телефонлаштиришга киришган. Асримиз бошларига қадар Швеция АКТ-саноатининг локомотиви — телекоммуникаицялар сектори эди. Янги IT-кенгликларни ўзлаштиришга швед ҳукумати Европада биринчи бўлиб киришди.
Швецияда келажакка қаратилган юқори технологияли моделни барпо этиш мақсадида 90-йиллардан бошлаб «АКТ саноатини ривожлантириш — инсон имкониятлари қанотида» рамзий номи остидаги изчил ва батафсил дастур асосида АКТ саноатини ривожлантиришга киришилди. Кейинчалик, Европа Иттифоқи билан интеграциялашув доирасида, дастур номи «Швеция учун рақамли чақирув» умумий манзилли форматига ўзгартирилди.
«Йўл харитаси»даги асосий босқичлар
Компютерлар — Швеция миллий таълим тизимининг ажралмас қисми, инновацион тараққиёти муваффақиятини таъминлаган асосий воситалардан бири. 1970 йилдан бошлаб кейинги 30 йил давомида ҳукумат таълим миллий агентлиги билан ҳамкорликда АКТни ўқув жараёнига киритиш бўйича фаол ва мақсадли сиёсат олиб борди: мактаблар компютерлар билан таъминланди, тармоқ ҳамкорлиги ривожлантирилди, ўқитувчиларга таълим беришдан ажралмаган ҳолда АКТ йўналишида билим олиш ва педагоглик фаолиятида уни қўллаш учун шарт-шароитлар яратилди.
Мамлакатдаги барча университетлар ва коллежларни бирлаштирувчи компютер тармоғи — SUNET жадал ривожлантирилди. Таъкидлаш ўринлики, швед университетлари интернетга Европанинг бошқа университетларидан анча аввал уланган.
Европа Иттифоқининг 1998–2001 йилларни қамраб олган аҳолининг компютер саводхонлигини ошириш дастурлари (Home Computing Initiative, HCI) IT-саноат тараққиётида жуда муҳим рол ўйнади. Бироқ бу борада самарадорлик эталони айнан Швеция. Масалан, бу мамлакатда ҳукумат ходимларнинг иш берувчидан компютерни шахсий мақсадларда ижрага олиши ёки сотиб олишини солиқлардан озод қилди. Бу ташаббус давлатга 189,7 млн еврога тушди. Ислоҳот натижасида асримиз бошларидаёқ Швецияда шахсий компютерларнинг хонадонлардаги улуши 30 фоиздан 80 фоизга етди — мамлакат компютерли оилалар улуши бўйича Европадан ҳаммадан ўзиб кетди.
2004 йилда ўтказилган сўровнома маълумотларига кўра, ўз шахсий компютерларига эга ходимларнинг 61 фоизи компютерда ишлаш маҳоратини яхшилаган, 65 фоизи интернетдан самаралироқ фойдаланишни ўрганган, хонадонларнинг 51 фоизи иш фаолиятида қўл келувчи кўникмаларга, 77 фоиз ходимлар янада самаралироқ ишлаш имкониятига эга бўлишган.
1999 йилда қабул қилинган кенг полосали уланиш бўйича миллий стратегия
Швеция ҳукумати 2001–2014 йиллар давомида кенг полосали уланиш тармоғини ётқизиш учун 748 млн евро сарфлади. Кам таъминланган аҳоли масканларини тармоққа улашни рағбатлантириш учун имтиёз ва грантлар жорий этилди. Мақсадга режадагидан уч йил олдин эришилди!
2015 йилга келиб мамлакат аҳолисининг 50 фоизидан зиёди 100 Мбит/сониядан кам бўлмаган юқори тезликдаги кенг полосали интернетдан фойдаланишга ўтди. Жаҳон иқтисодий форумида Швеция жаҳондаги энг ривожланган рақамли уланишлар тизимига эга мамлакат сифатида эътироф этилди.
Махсус инновация зоналари қурилишининг бошланиши
«Швеция кремний водийси» инфратузилмасини яратишга мамлакат ҳукумати ўтган асрнинг 70-йилларидан киришган. Пойтахт Стокголм яқинидаги ушбу майдонга биринчи бўлиб Ericsson ва IBM компаниялари келиб жойлашган. Кейин занжир реакцияси юз берди: технопарк тез орада Hi-Tech хаби имижига эга бўлди. Бу ерга АКТ-секторга ихтисослашган компаниялар: ишлаб чиқарувчилар, таъминотчилар, уларнинг илмий бўлинмалари оқиб келишни бошлади. Kista Science City кластери илғор ахборот-коммуникация технологиялари учун уй платформасига айланди. Ericsson компаниясининг бош офиси, Ахборот технологиялари университети (Қироллик технология институти ва Стокголм университети қўшма лойиҳаси), Microsoft, Nokia ва IBM сингари глобал компаниялари бўлимлари шу ерда қўним топди. Бугунги кунда ушбу технопаркдаги компаниялар сони мингдан зиёд. Бу ерда фаолият юритаётган қарийб 25 минг ходимнинг учдан икки қисми — ахборот технологиялари мутахассислари.
Швеция технологик паркларни шакллантиришга 1980 йилдан киришган. Шведлар биринчи технопаркни ишга туширишганида Европа мамлакатларида у ҳали қоғоздаги ғоя эди, холос.
Лунддаги Ideon технопарки.
Фото: Swedish Press
Ўша даврда, шведларникини ҳам қўшганда, дунёда ўхшаш технопарклар сони 8 та эди. Таъкидлаш жоизки, Швеция ҳукумати юқори технологияли АКТ моделини қуришнинг барча босқичларида «учлар тамойили»дан муваффақиятли фойдаланган: ҳукумат кучи, хусусий бизнес ва илм-фан бирлиги.
Масалан, 1983 йили Лунд шаҳридаги Ideon технопаркининг бунёд этилишида Ericsson компаниясининг ҳиссаси катта. Маҳаллий ҳокимлик илтимоси билан компания ҳеч қандай преференцияларсиз ўзининг янги мобил алоқа тадқиқотлари бўлимини шу ерга жойлаштирди. Камига компания ижара ҳақини бозор нархидан 20 фоиз юқорироқ тўлаб, бутун технопаркни телефонлаштириб берди.
Бундай саховат, жамоатчиликнинг назарида, швед тадбиркорлигига хос ижтимоий масъулият ҳамда узоқни кўра билиш ҳиссини акс эттиради, зеро, бу — келажак учун ҳам ташланган қадамдир.
Кейинчалик Лунддаги кичик шўъба компаниянинг муҳим — мобил алоқа учун дастурий таъминот ва қурилмалар асосий етказиб берувчиси даражасига кўтарилди. Қолаверса, Ericsson компанияси Ideon технопаркида томир отган янги телекоммуникация компаниялари учун «инвестициялар донори» вазифасини бажариб, ўз бизнеси чегараларини кенгайтирди, маҳаллий университет битирувчиларини асосий иш билан билан таъминловчилардан бирига айланди.
Лунд шаҳридаги Ideon технопарки 30 йил давомида 10 мингдан ортиқ одамни иш билан таъминлаб, 650 дан ортиқ компанияни оёққа турғазған. Бу ерда Ericsson компаниясидан ташқари, дунёга машҳур AstraZeneca, Garbor, Tetra Pak сингари компанияларнинг ҳам йирик илмий-тадқиқот марказлари жойлашган.
(Давоми бор)