8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бугун Рақамли ҳукумат марказида ўзгача шукуҳ ҳукм сурди. Марказнинг дилбар аёллари нафақат оиласида, балки жамиятимиз, хусусан, рақамлаштириш соҳасидаги ўрни муҳимлиги эътироф этилган тадбир самимий даврада, кўтаринки руҳда ўтди.
Тадбирда Марказ раҳбарияти аёлларнинг фидокорона меҳнати, ўз касбига садоқати ва масъулиятига алоҳида тўхталдилар. Улар рақамлаштириш жараёнида аёлларнинг ўрни беқиёс эканлиги, уларнинг билим ва салоҳияти юртимиз равнақи йўлида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.
Шу билан бирга Марказ аёлларига рақамлаштириш соҳасига қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирилиб, рағбатлантирувчи мукофотлар топширилди. Бу аёлларнинг меҳнатига берилган муносиб баҳо бўлди.
Рақамли ҳукумат марказида ўтказилган ушбу тадбир аёлларга бўлган эътибор ва ҳурматнинг яна бир ёрқин намунасидир. Бу каби тадбирлар аёлларнинг жамиятимиздаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, уларнинг билим ва салоҳиятидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.