Жорий йил 11 ноябр куни Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказида анъанага айланган "QUIZ TIME" интеллектуал ўйинининг навбатдаги сони ўтказилди. Ушбу тадбир нафақат ходимларнинг дам олишига, балки билимларини ва тезкор фикрлаш қобилиятларини чархлашга ҳам хизмат қилди.
Биламизки, рақамлаштириш соҳаси доимий янгиланиш ва креатив ечимлар майдони бўлиши керак. Чунки бу соҳа мутахассисларининг кундалик фаолияти мураккаб муаммоларга тезкор жавоб топишни талаб қилади. "QUIZ TIME" айнан мана шундай кўникмаларни ностандарт, ўйин тарзида ривожлантиришга ёрдам беради.
Ўйин давомида иштирокчилар IT ва рақамли бошқарувга оид саволлардан ташқари, умумий билим, мантиқ, тарих ва санъат йўналишларидаги саволлар бўйича ҳам ўз билимларини синовдан ўтказишди. Бу эса ходимларнинг дунёқараши кенглигини кўрсатди.
Ғолиб жамоалар ва фаол иштирокчилар Марказ раҳбарияти томонидан муносиб рағбатлантирилди. Бундай тадбирлар орқали Марказ интеллектуал меҳнатни қадрлашини ва ходимларнинг узлуксиз ўсишини қўллаб-қувватлашини амалда исботлайди.