Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказида ходимлар учун ақл-идрок ва билимни синовдан ўтказувчи "QUIZ TIME" интеллектуал ўйини ташкил этилди. Ушбу тадбир нафақат ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, балки миллий қадриятларимизга ҳурмат ва эътиборни янада кучайтиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Тадбирнинг миллий форматда ташкил этилгани ўйинга ўзгача шукуҳ ва файз бағишлади. Шу билан бирга жамоада миллий ўзликни англаш, ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
"QUIZ TIME" интеллектуал ўйинида иштирокчилар турли мавзулардаги қизиқарли саволларга жавоб бериш орқали ўз билим ва салоҳиятларини намойиш этишди. Ўйин давомида жамоалар ўртасида қизғин баҳслар, ақлий ҳужумлар ва мунозаралар ҳам кузатилди.
Бундай тадбирлар ходимларнинг нафақат билимини ошириш, балки жамоавий руҳни мустаҳкамлаш, ҳамкорликни ривожлантириш, ахборот билан ишлаш кўникмаларини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.