“Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасидаги ишлар муҳокама қилинди

“Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасидаги ишлар муҳокама қилинди

25 июль 2025

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг 2025 йилга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичларига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Рақамли технологиялар вазирлигининг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, стратегия доирасида тизимли ва босқичма-босқич ишлар олиб борилмоқда. 2025 йилнинг январ–май ойларида алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажми 123,5 фоизга ошган. Ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) соҳасида ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар сони 100 минг нафардан ошган бўлиб, бу соҳага бўлган қизиқиш ва иштирок ортаётганини кўрсатмоқда. IT ва масофавий хизматлар экспорти 90 дан ортиқ мамлакатни қамраб олган.

Шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 2025 йилда 54 та янги электрон хизматлар жорий этилиб, уларнинг умумий сони 761 тага етди.

Йиғилишда сунъий интеллект технологияларининг Ўзбекистондаги ривожига ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳаси учун сунъий интеллектга асосланган 1 миллион долларлик замонавий ГПУ кластер сервер қурилмалари харид қилинган. Тошкент метрополитенида эса кафт орқали тўлов тизими — “MyID Palm” жорий этилган.

Стратегия доирасида умумий ҳисобда 100 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилган.

Депутатлар томонидан стратегияда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш юзасидан тавсиялар берилди ва бу борада Рақамли технологиялар вазирлигига ҳар томонлама кўмак кўрсатилиши таъкидланди.

Эшитув якунида тегишли қарор қабул қилинди.

Поделиться:
Единый портал интерактивных государственных услуг
Национальный правовой информационный центр