O'zbekiston Respublikasi Davlat mustaqilligining 35 yilligi banneri
Саудия Арабистони рақамли ҳукумати қандай қилиб дунё етакчилари қаторига чиқди?

Саудия Арабистони рақамли ҳукумати қандай қилиб дунё етакчилари қаторига чиқди?

17 август 2026

Саудия Арабистони нисбатан қисқа вақт ичида рақамли ҳукумат соҳасида сезиларли натижа кўрсатган давлатлардан бирига айланди.

Мамлакат БМТнинг рақамли ҳукумат ривожланиши индексида 2022 йилга нисбатан 25 поғона юқорилаб, 2024 йилда дунёда 6-ўринни эгаллади. Онлайн давлат хизматлари бўйича эса Саудия 67 поғона сакраб, 4-ўринга чиқди. Шунингдек, мамлакат электрон иштирок индексида 7-ўринни, пойтахт Ар-Риёд эса дунёдаги 193 шаҳар орасида 3-ўринни банд этди.

Бу катта сакрашни фақат янги технологиялар ёки муайян рақамли платформаларнинг ўзи билан изоҳлаш ноўрин. Аввало Саудия Арабистони рақамли ҳукуматни шакллантиришда уни давлат бошқарувининг турли қисмларини бирлаштирувчи ягона тизимга айланишига эътибор қаратди. Давлат идораларининг ҳамкорлиги, инфратузилмага инвестициялар, хизматларни рақамлаштириш, замонавий технологиялар ва фойдаланувчи тажрибасини ўлчаш шу ёндашувнинг асосий қисмларига айланди.

Юқорида кўрсатилган кўрсаткичлар чамбарчас боғлиқ: онлайн хизматларни кенгайтириш учун инфратузилма, малакали кадрлар ва давлат идоралари ўртасида маълумот алмашинуви зарур. Саудиянинг ўсиши ҳам ана шу бир нечта йўналишнинг бир вақтда ривожланишида ифодасини топган.

Мамлакат рақамли ҳукумати қандай қилиб дунё етакчилари қаторига чиқди? Рақамли ҳукумат бошқармаси расмийси Абдулваҳоб ал-Баддаҳ бу борадаги муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтди.

Давлат идоралари бир тизимда ишлай бошлади

Саудиянинг рақамли трансформациясидаги асосий ўзгаришлардан бири — давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўлди.

Рақамли ҳукумат бошқармаси давлат идоралари билан биргаликда рақамли хизматларни ривожлантириш, улар учун умумий қоидалар ва стандартларни белгилаш ҳамда тизимларни ўзаро мувофиқлаштириш билан шуғулланади.

Бу ёндашувнинг фуқаро учун амалий аҳамияти катта. Агар турли давлат органларида мавжуд маълумотлар ўзаро боғланган бўлса, фуқаро бир хизмат учун бир неча идорага мурожаат қилиши ёки бир хил маълумотни қайта-қайта тақдим этишига эҳтиёж камаяди.

Давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик рақамли трансформацияни алоҳида лойиҳалар йиғиндисидан ягона институционал тизимга айлантиришда муҳим рол ўйнади.

Ифратузилмага сармоя

Рақамли хизматлар қанчалик қулай бўлмасин, уларни ишлатиш учун ишончли инфратузилма зарур. Саудия Арабистони сўнгги йилларда телекоммуникация тармоқлари ва миллий рақамли инфратузилмани ривожлантиришга катта маблағ йўналтирди.

Бу сиёсат БМТ рейтингида ҳам ўз аксини топди: мамлакат Телекоммуникация инфратузилмаси индексида 53 поғона юқорилаган.

Рақамли инфратузилма — фақат юқори тезликдаги интернет эмас. У маълумотларни сақлаш ва узатиш тизимлари, давлат реестрлари, рақамли идентификация, идоралар ўртасида маълумот алмашинуви ва хизматларни узлуксиз ишлатиш имконини берувчи технологик асосни ҳам қамраб олади.

Саудия шу қатламларни бир вақтда ривожлантириш орқали рақамли хизматларни миллионлаб фойдаланувчилар учун оммавий шаклда тақдим этиш имкониятини кенгайтирди.

Хизматларнинг ўзи рақамлаштирилди

Саудиянинг рейтингдаги энг катта сакраши онлайн хизматлар соҳасида юз берди.

Таъкидланганидек, 2024 йилда мамлакат Онлайн хизматлар индексида 67 поғона кўтарилиб, жаҳонда 4-ўринни эгаллади. Бу рақам давлатнинг рақамли трансформацияси фақат инфратузилма қуриш билан чекланмаганини кўрсатади.

Фуқаролар ва мамлакатда яшовчи хорижликлар соғлиқни сақлаш, транспорт, паспорт ва фуқаролик ишлари, суд, божхона ва бошқа соҳалардаги кўплаб хизматларни рақамли платформалар орқали олиши мумкин.

Масалан, соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий хизматлардан фойдаланиш ва шифокор қабулига масофадан туриб ёзилиш имкониятлари кенгайган. Суд тизимида айрим жараёнлар электрон шаклга ўтказилган. Расмий ҳужжатларни олиш ва янгилашнинг бир қатор турлари ҳам онлайн амалга оширилади.

Божхона соҳасидаги рақамли ечимлар эса расмийлаштириш жараёнларини тезлаштириш ва амалиётларни самаралироқ бажаришга ёрдам бермоқда.

Бу жараённинг кўламини «Абшер» платформаси орқали амалга оширилаётган операциялар ҳам кўрсатади. 2026 йил июнида унда бир ойнинг ўзида қарийб 48,9 миллионта рақамли транзакция амалга оширилган.

Ягона рақамли идентификация

Саудияда рақамли хизматларни оммалаштиришда идентификация тизими ҳам муҳим ўрин тутади.

«Абшер» давлат хизматларининг асосий платформаларидан бири бўлса, «Нафаз» ягона рақамли идентификация ва турли хизматларга кириш имконини беради.

Бу тизимлар фуқаронинг турли хизматлардан фойдаланишини соддалаштиради: киши ҳар бир давлат платформаси учун алоҳида жараёндан ўтиш ўрнига ягона рақамли идентификациядан фойдаланиши мумкин.

Натижада рақамли хизматлар алоҳида порталлар йиғиндиси эмас, балки бир-бири билан боғланган экотизимга айланади.

Технология хизматни соддалаштириш воситасига айланди

Саудия Арабистони рақамли ҳукуматнинг кейинги босқичида сунъий интеллект ва бошқа замонавий технологияларга катта эътибор қаратмоқда.

Бу ерда асосий мақсад технологиянинг ўзи эмас, балки давлат хизматларини тезроқ ва самаралироқ қилиш.

Масалан, маълумотлар автоматик тарзда алмашинса, фуқародан давлат органларида аллақачон мавжуд бўлган маълумотни қайта сўрашга эҳтиёж қолмайди. Жараёнларни автоматлаштириш эса ходимлар бажарадиган такрорий операцияларни қисқартириши мумкин.

Шу сабабли Саудия замонавий технологияларни рақамли хизматларнинг кейинги босқичи сифатида кўрмоқда. Мамлакатнинг Рақамли ҳукумат бошқармаси ҳам келгусида сунъий интеллект ва бошқа технологиялардан фойдаланишни янада кенгайтиришни режалаштирган.

Давлат хизматини фуқаронинг ўзи баҳолайди

Саудия моделининг энг қизиқ жиҳатларидан бири — хизматни онлайн шаклга ўтказишнинг ўзи натижа сифатида қабул қилинмайди.

Давлат органлари хизматдан фойдаланувчиларнинг қониқишини, платформаларнинг қулайлигини ва умумий рақамли тажрибани мунтазам ўлчайди. Олинган натижалар хизматларни соддалаштириш ва уларнинг самарадорлигини оширишда қўлланади.

2024 йилда 175 мингдан ортиқ фойдаланувчининг фикри ўрганилиб, 39 та рақамли платформа баҳоланган. «Таваккална» платформаси 91,29 фоиз, «Абшер» эса 90,39 фоиз натижа кўрсатган.

Бу ёндашув рақамли ҳукуматнинг муҳим тамойилини кўрсатади: давлат учун «хизмат онлайнда мавжуд» деган фактнинг ўзи етарли эмас. Агар фуқаро ундан фойдаланишда қийналса, хизматни яна такомиллаштириш талаб этилади.

Рейтингдан кўра муҳимроқ натижа

Саудиянинг рақамли ҳукумат рейтингидаги натижалари 2016 йилда бошланган «Saudi Vision 2030» стратегияси билан бевосита боғлиқ. Рақамли трансформация мамлакатнинг иқтисодий ва бошқарув тизимини янгилаш бўйича узоқ муддатли режаларининг бир қисмига айланган.

БМТ маълумотларига кўра, 2024 йилда Саудияда рақамли ҳукуматга оид меъёрий талабларнинг етуклиги 100 фоизга етган. Очиқ давлат маълумотларини аҳоли ва бизнес учун тақдим этиш кўрсаткичи ҳам 100 фоизни ташкил этган.

Бундан ташқари, мамлакат рақамли иштирок бўйича 60 поғона юқорилаган. Бу давлат хизматларини рақамлаштириш билан бирга, аҳоли ва бизнеснинг давлат билан рақамли мулоқот имкониятлари ҳам кенгайганини англатади.

Таъбир жоиз бўлса, Саудия Арабистони рақамли ҳукумати — фақат рақамлаштиришнинг ўзи эмас, бу давлат хизматларини ташкил этиш усулининг ўзгаришидир.

БМТ рейтингидаги катта сакраш — бу жараённинг ташқи кўриниши. Унинг ортида эса давлат идораларининг ўзаро ишлаши, рақамли инфратузилма, миллионлаб онлайн операциялар, ягона идентификация, янги технологиялар ва энг муҳими, хизматдан фойдаланувчининг фикрига таяниш каби бир-бири билан боғлиқ жараёнлар турибди.

Саудия Арабистонининг галдаги мақсади рейтингда яна бир неча поғона юқорилаш эмас. Асосий масала — рақамли хизматларни шундай даражага олиб чиқишки, фуқаро давлат идорасига бориш ўрнига телефон ёки компютер орқали ишини тез, осон ва ортиқча ҳужжатларсиз ҳал қила олсин. Ва бу тизим узоқ муддат ва бенуқсон ишлашига эришиш, шундагина рейтинг мақсад эмас, натижага айланади.

Поделиться:
Единый портал интерактивных государственных услуг
Национальный правовой информационный центр