

Сингапурда сунъий интеллектни жорий этиш дастури доирасида 150 минг нафар давлат хизматчиси учун сунъий интеллект агентлари реестри ишлаб чиқилмоқда.
Мазкур реестр 150 минг нафар давлат хизматчисига маълумотлар хавфсизлигига путур етказмаган ҳолда ўз фаолиятида илғор сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш имконини беради. Реестр қарор қабул қилиш ва турли амалларни машина тезлигида бажариш қобилиятига эга бўлган сунъий интеллект агентларининг эгалари ҳамда уларнинг фаолиятини кузатиб боришни таъминлашга хизмат қилади.
Бу давлат хизматчилари дастурлаш, ҳисоботлар тайёрлаш ва учрашувларни режалаштиришдан тортиб бошқа кўплаб вазифаларда сунъий интеллектдан тобора кенгроқ фойдаланаётган бир шароитда, самарали назоратни таъминлаш мақсадида Ҳукумат технологиялари агентлиги (GovTech) томонидан жадал суръатларда жорий этилаётган воситалар мажмуасининг бир қисми ҳисобланади.
GovTech бош директори Го Вэй Бун The Straits Times нашрига маълум қилишича, AI Assistant Desk деб номланган ушбу дастурий ечимлар мажмуасини жорий этишдан мақсад барча давлат хизматчиларини хавфсиз шахсий рақамли ёрдамчи билан таъминлашдир.
«Мақсадимиз мослашувчан қоидалар тизими, расман тасдиқланган сунъий интеллект воситалари ҳамда реестрни жорий этиш орқали шаффофлик ва хавфсизлик даражасини оширишдир. Бу эса ходимларнинг сунъий интеллект агентларидан тўғри фойдаланишига хизмат қилади», — деди Го.
Сунъий интеллект инсон каби компьютер воситалари билан ишлай олади. У онлайн транзакцияларни амалга ошириш, хавф-хатарларни баҳолаш ёки бошқа вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ҳаракатлар кетма-кетлигини олдиндан белгилаб, уларни инсоннинг минимал иштироки ёки умуман иштирокисиз бажариш имкониятига эга.
Бу имконият табиий тилни қайта ишлаш ва мантиқий хулоса чиқариш технологиялари, яъни сунъий интеллект соҳасидаги сўнгги ютуқлар натижасида юзага келди. Мазкур технологиялар СИга инсон тилини тушуниш, вазиятга мос равишда таҳлил қилиш ва тезкорлик билан жавоб қайтариш имконини беради.
AI Assistant Desk тизими — ҳозир ишлаб чиқиш босқичида, 2026 йил якунида ялпи жорий этилади, унгача айрим давлат хизматчилари иштирокида синовдан ўтказилмоқда.
Фотога изоҳ: GovTech бош директори Го Вэй Буннинг таъкидлашича, AI Assistant Desk воситалари мажмуаси барча давлат хизматчилари учун хавфсиз шахсий рақамли ёрдамчи вазифасини бажаришга мўлжалланган. Фото: ST / Жейсон Куа