Ўзбекистонда Антифрод тизими яхши натижа кўрсатди

Ўзбекистонда Антифрод тизими яхши натижа кўрсатди

21 май 2025

Куни кеча Тошкент шаҳрида ГСМА М360 Эурасиа халқаро форуми доирасида ахборот хавфсизлиги ва рақамли трансформация масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда давлат регуляторлари, йирик алоқа операторлари, халқаро ташкилотлар ҳамда етакчи технологик компаниялар вакиллари иштирок этди. Унда рақамли телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича қатор масалалар муҳокама қилинди.

ГСМАнинг рақамлаштириш соҳасидаги халқаро ташаббуслари доирасида Ўзбекистон томонидан ахборот хавфсизлигини кучайтириш ва фуқароларни кибертаҳдидлардан ҳимоя қилишга қаратилган тизимли ёндашув намойиш этилди. Давра суҳбатида муҳокама қилинган асосий мавзулардан бири — «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» ДУК томонидан жорий этилган Антифрод тизими бўлди.

Иштирокчилар томонидан мазкур тизим орқали фирибгарлик операцияларининг олдини олиш, фойдаланувчи маълумотларига рухсатсиз кириш уринишларини бартараф этиш борасидаги тажриба юзасидан фикр алмашилди. Таъкидланишича, сўнгги бир йил мобайнида Антифрод тизими орқали истеъмолчилар маблағларини ўғирлашга қаратилган кўплаб уринишлар барвақт фош этилган.

Шунингдек, учрашувда рақамли жараёнларни оптималлаштириш, истеъмолчиларни ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, қонунчилик талабларига мувофиқлик ва хизматлар импортини назорат қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Тадбир иштирокчилари иқтисодий ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, шунингдек, рақамли трансформация соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Форум доирасидаги мазкур учрашув минтақада ахборот хавфсизлиги йўналишидаги ҳамкорликни кучайтириш ва инновасион ечимларни жорий этиш учун муҳим мулоқот майдони вазифасини ўтади.

Поделиться:
Единый портал интерактивных государственных услуг
Национальный правовой информационный центр