Эстония тажрибаси: «Электрон ҳукумат рақамли архитектураси – моделдан то амалга оширишгача»

Эстония тажрибаси: «Электрон ҳукумат рақамли архитектураси – моделдан то амалга оширишгача»

07 июнь 2022

Бугун Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида Эстониянинг етакчи IT экспертлари иштирокида “Эстониянинг электрон ҳукумат рақамли архитектураси – моделдан то амалга оширишгача” мавзусидаги ўқув семинарига старт берилди.

Жорий йилнинг 7-9 июнь кунлари бўлиб ўтадиган ушбу ўқув машғулоти юртимиздаги давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг АКТ ҳамда ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари учун мўлжалланган.

Мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ҳамда Эстония Электрон бошқарув академияси (eGA) ҳамкорлигида 2021 йилда имзоланган икки томонлама меморандум доирасида ташкил этилди.

Мақсад давлат ва хўжалик органларидаги АКТ соҳаси мутахассисларининг электрон ҳукумат платформалари ҳамда аҳоли ва тадбиркорлар учун жорий этилаётган рақамли давлат хизматларини янада ривожлантириш бўйича салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган лойиҳаларни амалга оширишда Эстония тажрибасини чуқурроқ ўрганишдир.

Семинарнинг биринчи кунида Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази директорининг биринчи ўринбосари Баҳром Зияев ҳам иштирок этди. У ўз маърузасида БМТнинг электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида дунё бўйича 3-ўринда турган Эстония тажрибаси бизга нима бериши, жумладан, Ўзбекистонда электрон ҳукумат архитектурасини яратиш, давлат сектори ва фуқаролик жамияти ташкилотларига рақамли трансформацияга эришиш, ахборот хавфсизлигини таъминлашда, шунингдек, электрон ҳукумат соҳасида консалтинг, тренинг, тармоқ, тадқиқот ва техник ечимларни амалга оширишда қўл келиши ҳақида гапирди.

Айни пайтда ўқув семинари етакчи IT экспертлар ва маҳаллий АКТ мутахассислар ўртасидаги қизғин савол-жавоблар билан давом этмоқда.

Поделиться:
Единый портал интерактивных государственных услуг
Национальный правовой информационный центр