Ўзбекистонда “Бюрократияни бартараф этиш — 2030” дастури амалга оширилади. Бу 28-ноябрь куни президент имзолаган “Давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда белгиланган.
Қарор “Давлат хизматларини кўрсатиш босқичларини мақбуллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларга ортиқча мажбуриятлар юклатилишининг олдини олиш, давлат ташкилотлари, аҳоли ва бизнес ўртасида рақамли мулоқотни тўлақонли йўлга қўйиш ва бу борадаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш мақсадида” қабул қилинган.
Қарорга кўра, 2026-йил 1-январдан бошлаб давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган “Бюрократияни бартараф этиш — 2030” дастури ишга туширилади ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
- давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланиш орқали фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш;
- тадбиркорликни рағбатлантириш, мамлакатнинг хорижий инвестициялар учун жозибадорлигини ошириш;
- рақамли бошқарув ва давлат бошқаруви соҳаларида мамлакатнинг ижобий имижини шакллантириш;
- ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш ва жараёнларнинг шаффофлигини ошириш орқали суиистеъмолчилик хавфини камайтириш.
Дастурнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш мақсадида Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида лойиҳа офиси ташкил этилсин ҳамда унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
- Дастурни муваффақиятли амалга ошириш масалалари бўйича хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
- дастур доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик режалаштириш ва ривожланиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга киритиш;
- ҳар йил якунида вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан давлат бошқарувида бюрократияни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлигини баҳолаш, эълон қилиш ҳамда давлат ташкилотлари ва ташаббускорларни рағбатлантириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси президентига ахборот киритиш.
Бюрократияни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш, бу борада амалга оширилган ишларнинг самарадорлигини баҳолаш агентлик оператори ва мулкдори ҳисобланадиган Zero Bureaucracy рақамли платформаси орқали амалга оширилади.
Дастур доирасида белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда аниқ натижаларга эришиш учун давлат ташкилотларининг биринчи раҳбарлари шахсан масъул.
Манба
